ССВ: Мутахассис: Антибиотикларни нотўғри қўллаш ўлим ҳолатларига сабаб бўлиши мумкин!

Инсон дардга чалинганида, хасталикдан тезроқ соғайиб, оёққа туришни, оғриқлардан зудлик билан халос бўлишни истайди. Шундай вазиятда кўпчилик ўзбошимчалик билан антибиотикларни қўллаб, тузалиш ўрнига, аксинча, саломатлигини бутунлай йўқотганига кўпчилигимиз гувоҳмиз. Хўш, антибактериал препаратлардан қайси ҳолатларда фойдаланишга рухсат берилади?

Уларнинг қандай ножўя таъсирлари бор?

Умуман, антибиотиклар ҳақида аҳоли нималарни билиши лозим?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги бошқарма бошлиғи Муҳаббат Ибрагимовадан ушбу саволларга жавоб олдик.

— Дунёда антибиотикларни нотўғри қўллаш оқибатида ҳаётдан кўз юмаётганлар сони йилига 700 минг кишини ташкил этади, — дейди М.Ибрагимова.

— Аммо ЖССТ бу рақамлар янада ошиб кетишидан жиддий хавотирда.

Ташкилот хулосасига кўра, агар антибиотиклардан фойдаланиш тартибга солинмаса, 2050 йилга бориб унинг асоратлари туфайли йилига 10 миллионга яқин одам вафот этиши мумкин.

Хўш, бунинг сабаби нимада? Тиббиётда антибиотикларга нисбатан чидамлилик ва мультичидамлилик деган атамалар бор.

Чидамлилик фақат бир антибиотикка нисбатан пайдо бўлса, мультичидамлиликда беморга бу каби ҳеч бир дори таъсир қилмай қолади.

Масалан, сўнгги йилларда микроорганизмларнинг антибиотикларга чидамлилиги ошиши кўплаб беморларнинг ўлимига сабаб бўляпти.

Бундай вазиятда бактерия антибиотик ҳақидаги маълумотни ген даражасида эслаб қолади ва ўз “авлод”ларига мерос қилиб қолдиради.

Шундан сўнг бактерия штаммлари антибиотикни нофаол ҳолатга ўтказувчи ферментлар ишлаб чиқаради.

Шу тариқа ҳужайрада мазкур препаратлар бузиши керак бўлган метаболизм реакциялари ўз йўналишини ўзгартиради, ҳужайра қобиғи орқали кирадиган антибиотик ҳужайрада тўпланишини камайтиради.

Натижада уларнинг даволовчи таъсири бир неча баробар пасайиб кетади ёки бактерияга қарши ҳеч қандай самара бермай қўяди.

Оқибатда муолажага “чап берадиган” инфекция туфайли бемор нобуд бўлади. (Давоми бор!)

Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий телеграм канали — t.me/ssvuz 
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими @ssvmatbuotkotib

26.05.2022 312

Похожие новости